Мамлакатимизнинг Белгиядаги элчихонасида Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилишини таъқиқлаш чора-тадбирларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда Белгиянинг сиёсий ва ижтимоий доиралари ҳамда Европа Иттифоқи, НАТО ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Иштирокчиларга мамлакатда болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, болалар меҳнатини таъқиқловчи қонунчилик ҳужжатлари, Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари, Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) каби халқаро ҳамжамиятлар билан яқин ҳамкорлиги ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон ХМТнинг болалар меҳнати, болалар мажбурий меҳнатининг исталган шакли ва кўринишларини таъқиқлашни таъминловчи асосий конвенсияларни ратификация қилгани айтиб ўтилди. Хусусан, бу борада вазирлик ва идоралар ҳамда жойлардаги давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг халқаро ташкилотлар билан ўзаро алоқасини фаоллаштириш мақсадида, Ўзбекистонда ЮНИСЕФ, БМТ Тараққиёт Дастури, ХМТ томонидан қўллаб-қуватланган, нафақат давлат органлари балки, нодавлат ташкилотларларининг кенг иштирокида Миллий ҳаракат дастури ишлаб чиқилган.
Ўзбекистонда ўтказилаётган ижтимоий йўналтирилган бозор ислоҳотлари, “Соғлом авлод”, “Она ва бола”, “Оила йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Ижтимоий ҳимоя йили”, “Ёшлар йили”, “Баркамол авлод йили” каби кенг кўламли давлат ижтимоий дастурларининг амалга оширилиши доирасида болаларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга этишларини таъминлаш учун зарур бўлган шарт-шароитлар яратилгани таъкидланди.
Мамлакатда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусан, Оилани, Оналик ва болаликни ҳимоя қилиш мажмуи, Вояга етмаганлар ишлари бўйича махсус комиссия, шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳар бир туманида фаолият олиб борувчи давлатга қарашли меҳнат ҳуқуқи инспексиялари ва меҳнат ҳимояси инспексиялари сингари болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилувчи тизим яратилган.
Болалар ҳамда ногиронларнинг ҳуқуқий кафолатини таъминлашни кучайтиришга йўналтирилган, одам савдосидан огоҳлантириш ва унга барҳам бериш миллий тизимини шакллантириш, одам савдосидан зарар кўрганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш каби бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига тегишли 10 дан ортиқ қонунлар қабул қилингани айтиб ўтилди.
Ушбу йўналишда ўтказилган тадбирлар ва унда намойиш этилган маълумотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, мустақил журналист Н.Соколников ушбу тадбир Ўзбекистонда кечаётган жараёнларни теранроқ англашда амалий аҳамиятга касб этишини қайд этди. Унинг таъкидлашича, маърузаларда келтирилган рақамларнинг ўзи ҳам Ўзбекистонда ўсиб келаётган авлоднинг таълими ва тарбиясига берилаётган юксак эътибордан далолат беради.
Журналистнинг фикрича, бундай сиёсат нафақат давлатнинг ривожланган келажагига, балки унинг келгуси тараққиёти демократия хусусиятларига хос бўлишига ҳам ишонч уйғотади. Озод Брйуссел университети профессори Ж.Бланкофф “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервюсида Ўзбекистонда баркамол авлод ривожи учун барча шарт-шароитлар яратилганлигини таъкидлади. У Ўзбекистон раҳбарининг, ёшлар - нафақат келажагимиз, балки бугунимиз ҳамдир, деган фикрига тўла қўшилишини айтди.
“Мамлакат аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олиб, улар ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш керак, - деди Ж.Бланкофф. - Шунингдек, Ўзбекистонда ўсиб келаётган авлодга қаратилаётган юксак эътибор нафақат Осиё, балки Европа учун ҳам намуна бўлмоғи лозим”.
манба: jahonnews.uz
