14.03.2017 03:53 / Жамият / 158

Мамлакатимизда 11-12 март кунлари ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида 22 миллиондан ортиқ киши иштирок этди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 февралдаги «2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори асосида қадимий ва ардоқли байрамимиз Наврўзи оламни муносиб кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида март-апрель ойлари мамлакатимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги деб эълон қилинди. Унинг доирасида 11-12 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. 

Бундан мақсад Наврўз байрамини нишонлашга алоҳида тайёргарлик кўриш, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, мамлакатимизнинг санитария ҳолатини янада яхшилаш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдир. 

Ўзбекистон Республикаси «Маҳалла» хайрия жамоат фондидан маълум қилишларича, умумхалқ хайрия ҳашари мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, қишлоқлар, маҳаллалар, ташкилот ва муассасаларда кўтаринки руҳда ўтган. 

Ҳашар кунлари қирқ саккиз минг гектардан зиёд майдонда ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Ўттиз икки минг километр ариқ-зовурлар, лотоклар тозаланиб, зиёратгоҳ ва қабристонлар тартибга келтирилган. Бундан ташқари, ҳашар кунларида қарийб йигирма икки миллион туп дарахтга шакл берилиб, оқланган. Йигирма тўрт миллион туп мевали, манзарали дарахт кўчати, ўн етти миллион туп гул экилган. 

– Умумхалқ хайрия ҳашари туманимизда ҳам миллий анъаналаримизга мос тарзда ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик руҳида ўтди, – дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Бектемир тумани бўлинмаси раиси ўринбосари Собир Имомов. – Икки кун мобайнида ҳашар доирасида кўп қаватли уйлар атрофи, маҳаллалар, болалар ўйин майдончалари, кўчалар, йўллар, ариқ-зовурлар тозаланди. Қабристонлар, зиёратгоҳлар, сайлгоҳлар ободонлаштирилди. Бу ишларда маҳалла аҳолисига талабалар, ўқувчи-ёшлар яқиндан кўмак берди. Миришкор маҳалласи ҳудудидаги боғни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда барча баҳамжиҳат бўлиб меҳнат қилди. Иқбол маҳалласида намунавий лойиҳа асосида қурилаётган кўп қаватли уй қурилишида ҳашарчилар уста-ҳунармандларга кўмак берди. Бу тадбир халқимиз, айниқса, ёшларнинг миллий анъаналаримизга садоқатини, ободлик, озодаликни юксак қадрлашини яна бир карра намоён этди. 

– Маҳалламиз гулчилик соҳасида оилавий тадбиркорлик ривожланган ҳудудлардан биридир, – дейди Наманган тумани "Деҳқонобод" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Музаффар Худойбердиев. – Бугунги кунда йигирмадан кўпроқ хонадонда иссиқхона ташкил этилиб, турфа гул кўчатлари етиштирилмоқда. Ушбу фаолият оилаларга тўкинлик, фаровонлик, юртимизга гўзаллик бахш этмоқда. Умумхалқ ҳашари мобайнида ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда ушбу оилавий тадбиркорларимиз етиштирган гул кўчатларини кўчалар, сув бўйлари, ҳовлиларга экдик. Оилавий тадбиркорликнинг бундай йўналишларини ривожлантириш, халқимизнинг яратувчилик ишларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар орасида ҳам оммалаштириш доимий эътиборимизда. Шу мақсадда турли танловлар ва тадбирлар ташкил этиш, Наврўз байрамини муносиб нишонлашга қизғин тараддуд кўряпмиз. 

Тўйга тўёна ҳозирлаш халқимизнинг эзгу одатидир. Бу йил ҳам Наврўз байрами муносабати билан маҳаллалар ҳудудида кўплаб ижтимоий-маданий, савдо иншоотлари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 

Мўйноқ туманидаги "Бўзатов" ва "Мадали" овул фуқаролар йиғинлари ҳудудида қурилаётган тикув цехи, Қўрғонтепа тумани Хўжатепа маҳалласи биноси, Вобкент тумани марказий шифохонасининг туғруқ комплекси, Чармгарон маҳалласида маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчаси, Учқудуқ туманида Ёшлар маркази, Жомбой тумани Зарафшон маҳалласида гузар, Урганч тумани Бўстон маҳалласида оталар чойхонаси, Янгибозор тумани "Янгиёп" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган хусусий корхона бунга мисолдир. 

Ҳашар кунлари ўз иш жойида меҳнат фаолиятини давом эттирган ҳар бир корхона, муассаса, ташкилотлар ходимлари ҳам умумхалқ хайрия ҳашарига ўз улушини қўшди. 



Sports.uz
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Сеулга парвозларни кўпайтиради
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси 2017 йилнинг 17 июнь-29 июль кунлари давомида Сеул (Корея)га бўлган рейслар сонини оширади.
Душанба, 22.05.2017 03:29
Миллатлараро муносабатлар ва бошқа мамлакатлар билан дўстона муносабатлар бўйича қўмита тузилди
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар бўйича қўмита тузилди. Янги идора Шавкат Мирзиёев фармонига кўра Республика байналмилал маркази ҳамда дўстлик жамиятлари ва хорижий давлатлар билан маданий-маърифий алоқалар кенгаши негизида ташкил этилди, деб хабар беради «Газета.uz».
Душанба, 22.05.2017 03:28