19.04.2017 03:00 / Жамият / 274

Ўзбекистон раҳбарияти академик Анна Глушенкова вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Табиий бирикмалар кимёси ва технологияси соҳасидаги таниқли олима, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Анна Ивановна Глушенкова 91 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

А.Глушенкова 1926 йил 1 августда Россиянинг Волгоград вилоятидаги Рудна туманида туғилган. 1948 йили Ўрта Осиё индустриал институтини (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) тугатиб, ушбу институт аспирантурасида таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, кейинчалик докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Истеъдодли олима қарийб 70 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) кафедра мудири, Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институти катта илмий ходими, лаборатория мудири, директори, Фанлар академияси президиуми аъзоси каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди ва мамлакатимизда табиий бирикмалар кимёси ва технологияси соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.

Заҳматкаш олиманинг илмий ишланма ва тадқиқотлари Ўзбекистон халқ хўжалиги, айниқса, пахтачилик саноатида кенг қўлланиб келмоқда. Унинг пахта толаси ва чигитини қайта ишлаш, улардан зарур истеъмол маҳсулотлари ҳамда дори воситалари тайёрлаш бўйича илмий ишланмалари иқтисодиёт тармоқлари ривожида муҳим аҳамиятга эга.

Олиманинг табиий бирикмалар кимёси ва технологияси соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 400 дан зиёд илмий мақолалари, китоб ва монографиялари Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум.

Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга сабоқ берган илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган.

А.Глушенкованинг Ўзбекистон илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланган. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби» фахрий унвони ва «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган эди.

«Атоқли олима, меҳрибон устоз, камтарин инсон Анна Глушенкованинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», — дейилади Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Президент давлат маслаҳатчиси Аҳмадхўжа Юнусхўжаев, Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев номидан эълон қилинган таъзияномада.


Sports.uz

Фотогалерея Архив

20 августга қадар 10-синфлар шакллантирилади
2 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда, 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 
Пайшанба, 03.08.2017 02:09
Покистоннинг янги элчиси Ўзбекистонга келди
2 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Покистоннинг янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Ирфон Юсуф Шами билан учрашди. Вазир элчининг ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилди, деб хабар қилади ТИВ матбуот хизмати.
Чоршанба, 02.08.2017 01:52