29.12.2016 10:31 / Иқтисодиёт / 187

2017-2018 йилларда бўш турган объектлар негизида 4 минг 400 дан зиёд янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида йилига 2,5 минг тонна ип калава ишлаб чиқариш қувватига эга “Максим Голд текс” корхонаси ишга тушди. 250 дан зиёд йигит-қиз учун иш ўринлари яратилган мазкур корхона вилоятда бўш турган ёки қурилиши тугалланмаган объектлар негизида 2016 йилда ўз фаолиятини бошлаган самарали лойиҳалардан биридир. 

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида «Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини таркибий ўзгартириш ва молиявий соғломлаштиришнинг аҳамияти» мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. 

2016 йилда қўмита томонидан маҳаллий ҳокимликлар, тижорат банклари билан ҳамкорликда корхоналарни молиявий соғломлаштириш борасидаги чора-тадбирлар доирасида 786 кам қувватли ва фаолият кўрсатмаётган корхонага 900 миллиард сўмдан зиёд инвестиция жалб қилиниши уларга «иккинчи» ҳаёт бахш этган. Яна 777 бўш турган давлат объектини ижарага бериш, салоҳиятли инвесторларга сотиш, жумладан, «ноль» харид қийматида берилиши янги қувватлар ишга туширилишига хизмат қилган. 

Бундан ташқари, кичик саноат зоналари ҳамда фойдаланишга яроқсиз давлат объектлари ўрнида 305 лойиҳа амалга оширилган. 

2016 йилнинг 11 ойида мазкур корхоналар томонидан 28 мингдан зиёд иш ўрни яратилган, 2 триллион 740 миллиард сўмдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилган, хизматлар кўрсатилган. 

Тадбирда молиявий соғломлаштириш тадбирлари изчил давом эттирилиши қайд этилди. 2017-2018 йилларда ҳудудлардаги кам қувватли, фаолиятсиз корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва бўш турган, қурилиши тугалланмаган объектларда 4 минг 400 дан зиёд янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. 

Қўмита раисининг ўринбосари А.Ҳимматовнинг таъкидлашича, бугунги кунда иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларни таркибий ўзгартириш ва молиявий соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. 

2016 йилда зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича ишлаб чиқилган дастурларга мувофиқ, 99 субъектда ер майдонларини оптималлаштириш, ишлатилмаётган қувватларни консервация қилиш, банкдан олинган қарзларни таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва технологик жиҳатдан янгилаш сингари соғломлаштириш тадбирлари амалга оширилган. 

Натижада 2015 йилни зарар билан якунлаган ушбу корхоналарда 2016 йилнинг январь-сентябрь ойларида 54 миллиард сўмлик фойда кўрилган. Анжуманда бу йўналишдаги ишлар 2017 йилда машинасозлик, электротехника, қурилиш ва оғир саноат, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш соҳалари бўйича давом эттирилиши маълум қилинди. 

Матбуот анжуманида журналистлар саволларига мутахассислар жавоб қайтарди. 


Sports.uz
Осиё тараққиёт банки президенти Ўзбекистонга келади
Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накао Ўзбекистон Республикасига ташриф билан келади. Бу ҳақда Сенат мутбуот хизмати хабар берган.
Чоршанба, 15.02.2017 03:27
Ўзбекистон ва Россия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 18-йиғилиши бўлиб ўтди. 
Чоршанба, 15.02.2017 03:24