16.03.2017 03:49 / Иқтисодиёт / 220

“Ўзэкспомарказ”да олтита ихтисослаштирилган халқаро кўргазма иш бошлади

“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида “Uzbekistan Industrial Forum – 2017” IX халқаро саноат форуми бошланди. Анжуман олтита ихтисослаштирилган халқаро кўргазмани бирлаштирган. 

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа идора ҳамда ташкилотлар кўмагида «IEG Uzbekistan» кўргазма компанияси томонидан ташкил этилган тадбирнинг очилишида мамлакатимизда янги, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш корхоналарини замонавий техникалар билан қайта жиҳозлаш, инновацион фаолиятни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор саноат салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. 

Жорий йилги форум доирасида “UzMetalMash” – металлургия, металлга ишлов бериш, машинасозлик ва пайвандлаш, “UzTechTransExpo” – махсус техника, транспорт ва логистика хизматлари, “UzMiningExpo” – тоғ-кон саноати учун технология ва ускуналар, “UzChemPlastExpo” – кимё саноати, пластмасса ва каучук ишлаб чиқариш, “UzSecureExpo” – хавфсизлик тизимлари, меҳнат муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда “InterPackExpo” – қадоқлаш саноати ва омборга жойлаш ихтисослаштирилган кўргазмалари ўтказилмоқда. 

Форумда Ўзбекистон, Германия, Буюк Британия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Эрон, Беларусь, Украина, Россия, Словения, Чехия каби давлатлардан олтмишга яқин компания иштирок этаётир. Қатнашчиларнинг ярмидан ортиғини хорижий корхоналар ташкил этаётгани халқаро кооперация муносабатлари ривожланиб бораётганидан далолат беради. 

Тадбир шакли тасодифан танланган эмас. Ҳар хил кўргазма лойиҳаларининг қўшилиши саноатнинг асосий тармоқларини қамраб олиш имконини беради. Кўргазмаларнинг асосий мақсади ишбилармонлик мулоқотлари ва коммуникациялари учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг турли тармоқларида замонавий саноат имкониятларини намойиш этишдир. 

Тоғ-кон иши мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири ҳисобланади. Хорижий иштирокчиларнинг «UzMiningExpo» халқаро кўргазмасига бўлган қизиқиши ортиб бораётгани соҳадаги халқаро ҳамкорликнинг муҳим эканидан далолат беради. 

«РэйлТрансХолдинг» компанияси (Россия), Новокраматорск машинасозлик заводи (Украина), «Teknotak industrial group» компанияси(Эрон)нинг тоғ-кон ишида зарур бўладиган ускуналари мамлакатимиз мутахассислари диққатини жалб этмоқда. 

– Форумда илк бор иштирок этмоқдамиз, – дейди Буюк Британиянинг «MMD Mineral Sizing» компанияси вакили Нгим Бертранд. – Компаниямиз тоғ-кон саноати учун минералларни майдалаш мажмуаларини таклиф этмоқда. Ўзбекистонда ушбу соҳалар жадал ривожланиб бораётгани боис муносабатларимиз истиқболли ва янада самарали бўлишига ишонаман. 

«UzTechTransExpo» – махсус техника, транспорт ва логистика хизматлари кўргазмаси марказий кўргазмалардан бири ҳисобланади. Бу ерда махсус техникалар, транспорт ва логистика, омбор мажмуалари ва терминалларидан фойдаланиш хизматлари, транспорт соҳасидаги инновацион ечимлар намойиш этилмоқда. 

«Ist-Batterflay» корхонаси (Ўзбекистон) томонидан намойиш этилаётган енгил автомобиллар учун тиркамалар ва цистернали автотиркамалар ташриф буюрувчилар эътиборини тортмоқда. Очиқ кўча экспозициясида Горький автозаводи (Россия), Минск автомобиль заводи (Беларусь) сингари автомобилсозлик корхоналари ўз янгиликларини намойиш этмоқда. 

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ташаббуси билан тузилган, халқаро стандартларга жавоб берадиган «Temiryo'l-sug'urta» қўшма корхонаси турли суғурталаш хизматларини таклиф этмоқда. Компанияда темир йўл ҳаракат тизимини суғурталаш, юкларни ҳар хил тасодифлардан суғурталаш, умумий фуқаролик касб жавобгарлигини суғурталаш каби логистик фаолиятнинг барча турларини қамраб олувчи қулай суғурталаш шартномалари ишлаб чиқилган ва жорий этилмоқда. 

Экспозициянинг аҳамиятли сегментларидан бири хавфсизлик технологиялари бўйича «UzSecureExpo» халқаро кўргазмасидир. Кўргазмада саноат объектларида хавфсизликни таъминлаш техник воситалари, огоҳлантириш тизимлари, комплекс хавфсизликни таъминлаш жиҳозлари, ўт ўчириш машиналари, рациялар, шахсий ҳимоя воситалари, ўт ўчиргичлар, аудио ва видео кузатув, ақлли уй, техника, технологиялар, ҳалокат ва офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш жиҳозлари намойиш этилмоқда. 

Кўргазма стендларида соҳанинг етакчи компаниялари ўз маҳсулотларини омма эътиборига ҳавола қилмоқда. “VIP Security” (Ўзбекистон), “MICROSENS GmbH & Co. KG” (Германия), «АГТ Системс» (Россия) каби компаниялар шулар жумласидан. 

– Мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини сақлаш ишига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди "Proto" корхонаси менежери Михаил Васильев. – Биз таклиф этаётган турникетлар корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари ҳамда дам олиш масканларида хавфсизликни таъминлашда қулай ёрдамчи бўлиб хизмат қилади. 

Қадоқлаш саноати мамлакатимизда изчил ривожланаётган тармоқлардан бири ҳисобланади. Замонавий технологияларни жорий этиш тармоқ ривожланиши, қадоқлаш ва материаллар сифатини оширишда муҳим роль ўйнайди. Шу маънода «InterPackExpo» кўргазмаси харидорлар географиясини кенгайтириш, қисқа вақт ичида ўз маҳсулотини иштирокчиларнинг катта қисмига намойиш этиш, янги мижозлар топиш имконини беради. 

– Корхонамизда халқ хўжалигининг турли тармоқлари учун мўлжалланган полиэтилин плёнкалар ишлаб чиқилмоқда, – дейди "Dovon" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нуриддин Абдуллаев. – Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар самарасида ишлаб чиқариш ҳажми тобора ошмоқда. Хусусан, ҳозирги пайтда дори воситаларини қадоқлашда қўлланиладиган ПВХ қаттиқ плёнкасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқдамиз. 

«Micros» (Ўзбекистон) компанияси иштирокчилар ва ташриф буюрувчиларнинг диққатини ўзига тортмоқда. Корхона саноатда қадоқлаш, термотрансфер босма учун ускуналар, босма ва нусха кўчириш ускуналари, омбор ускуналари билан иштирок этмоқда. «LL Plasttechnology» компанияси (Ўзбекистон) ўзининг катта кўламдаги полимер қадоқлаш ва халқ истеъмоли моллари билан қатнашмоқда. 

Мухтасар қилиб айтганда, “Uzbekistan Industrial Forum – 2017” халқаро форуми саноатчилар, бизнесменлар, давлат ҳокимияти органлари ва илмий доиралар вакилларининг ўзига хос амалий мулоқот майдонига айланиб, корхона ва ташкилотлар, инвесторлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 



Sports.uz
Меҳнат вазирлигида Россиянинг меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий кўмак кўрсатиш уюшмаси вице-президенти билан учрашув ўтказилди
11 май куни Ўзбекистон Меҳнат вазирлигида Россиянинг меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий кўмак кўрсатиш уюшмаси вице-президенти Юлия Слуцкая билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жума, 12.05.2017 01:32
Ўзбекистонда долларнинг расмий курси 30 сўмга ошди
Ўзбекистон Марказий банки 11 майдан бошлаб хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги курсларини белгилади.
Пайшанба, 11.05.2017 03:51