07.07.2017 02:39 / Иқтисодиёт / 69

Янги автомобиль заводи қурилиши бошланди

“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси “Пежо Ситроен” гуруҳи билан ҳамкорликда барпо этаётган автомобиль заводи пойдеворининг тамал тошини қўйишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Завод Президентимизнинг 2017 йил 13 июндаги “Хорижий инвестициялар иштирокидаги "Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive" корхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзавтосаноат” АК ва Peugeot Citroen Automotive гуруҳи ўртасидаги келишув асосида қурилмоқда. 

“Ўзавтосаноат” компанияси, “Пежо Ситроен” гуруҳи ходимлари, Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Жиззах вилояти хокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган имкониятлар ва қулай ишбилармонлик муҳити юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Дунёнинг етакчи автомобиль ишлаб чиқарувчиларидан бири билан ҳамкорликда барпо этилаётган ушбу қўшма корхона ҳам Ўзбекистон автомобиль саноатининг истиқболига хорижлик ишбилармонларнинг катта ишончи самарасидир. 

– Қўшма корхонани барпо этишда ҳал қилувчи омил бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг шахсан қўллаб-қувватлашини ва ўзбекистонлик шерикларимиз билан самарали келишувни юксак қадрлаймиз, – дейди “Пежо Ситроен” гурухи вице президенти Кристоф Бержеран. – Бу лойиҳа бизнинг стратегик режаларимизга тўлиқ мос бўлиб, енгил тижорат автомобиллари бизнесини ривожлантириш ва ҳудуднинг иқтисодиётини юксалтириш учун катта имкониятдир. 

Янги заводда йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган «Peugeot» ва «Citroеn» енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқарилади. Қўшма корхонанинг устав капитали 30 миллион евро. Лойиҳани амалга оширишга умумий қиймати қарийб 130 миллион евролик инвестиция жалб этилаётир. 

Завод қурилиши учун “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида 45 гектар ер майдони ажратилган. Президентимиз қарори билан лойиҳа иштирокчилари учун бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари, преференциялар тақдим этилган. 

«Пежо Ситроен» гуруҳи янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш жараёнларини тақдим қилади ҳамда ходимларни ўқитади. Завод ишлаб чиқариш ва сифатни бошқариш бўйича замонавий харид, етказиб бериш ва сотиш тизимларига мувофиқ фаолият юритади. 

2018 йил 1 майга қадар инвестиция лойиҳаси доирасида корхонанинг қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилади ва шу билан бир вақтда лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади. 2019 йилда корхона маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайди. 

Корхона йилига 16 минг дона замонавий автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Маҳсулот ички бозордан ташқари яқин ва узоқ хориж давлатларига ҳам экспорт қилинади. 

Ишлаб чиқаришнинг биринчи йилидан бошлаб автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчи “Ўзавтосаноат” тизимидаги 30 га яқин йирик ва 160 дан зиёд ўрта ва кичик корхоналарни жалб этиш йўли билан камида 50 фоиз маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш режалаштирилмоқда. 

UzPCA МЧЖ расмий дилерларининг чиқарилаётган автомобилларни таъмирлаш ва сервис бўйича хизматлари, жумладан, эҳтиёт қисмлар, узеллар, агрегат ва материаллар ишлаб чиқариш ҳамда уларни савдо тармоғи орқали сотиш қўшимча қиймат солиғисиз амалга оширилади. 

Мамлакатимиз автомобиль саноати ривожида яна бир муҳим қадам бўладиган янги қўшма корхона аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади. Янги корхонада 600 дан зиёд иш ўрни барпо этилади. 

Завод қуриладиган майдонда иш бошланди. Анъанага кўра, тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хорижлик меҳмонлар, қурувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида заводнинг асосий иншооти пойдеворига келажакка битилган мактуб солинган капсула жойлаштирилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов, Жиззах вилояти ҳокими У.Узоқов сўзга чиқди. 


Sports.uz
Янги автомобиль заводи қурилиши бошланди
“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси “Пежо Ситроен” гуруҳи билан ҳамкорликда барпо этаётган автомобиль заводи пойдеворининг тамал тошини қўйишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Жума, 07.07.2017 02:39
"Ўзагроэкспортбанк" лицензияга эга бўлди
Марказий банк бошқарувининг қарори билан “Ўзагроэкспортбанк” акциядорлик тижорат банкига банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилди. Бу ҳақда МБ сайтида хабар қилинди.
Сешанба, 04.07.2017 12:32